Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Навоий вилоятидаги муассасаларда бола ҳуқуқларининг таъминланиши ҳолатини ўрганди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова бошчилигида Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори ходимлари жорий йилнинг 6-9 апрел кунлари Навоий вилоятидаги болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органлар, шу жумладан таълим, тиббиёт муассасаларида бола ҳуқуқларига оид қонун хужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан мониторинг ташрифларини амалга оширишди.

Мониторинг давомида

  • Навоий шаҳар “Меҳрибонлик уйи”;
  • Томди туманидаги Болалар шаҳарчаси;
  • ИИБ ҲПБ “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”;
  • Навоий вилояти асаб-руҳий касалликлар диспансери;
  • Қизилтепа тумани 36-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати;
  • Навоий шахридаги 16-сонли махсус мактабгача таълим ташкилоти;
  • Кармана тумани 25-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати;
  • Навоий вилояти кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасиларида тарбияланаётган болаларнинг яшаш ва овқатланиш, шунингдек, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш шароитлари, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ҳолатлари ўрганилди.

Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида бугунги кунда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган жами 1991 нафар вояга етмаганлар мавжуд. Уларнинг 1181 нафари васийликка, 352 нафари ҳомийликка, 439 нафари фарзандликка, 8 нафари оила (патронат)га ва 11 нафари болалар уйига жойлаштирилган.

Дастлаб, Навоий шаҳар “Меҳрибонлик уйи”га мониторинг амалга оширилди. Муассасада таълим-тарбия олаётган болалар 2021 йилнинг 1 апрел ҳолатига 61 нафарни ташкил этиб, улардан 13 нафари чин етимлардир. Аниқланишича, муассасадаги 2020 йил мабайнида 30 нафар тарбияланувчилар оилага қайтарилган.

Муассасада тарбияланувчиларнинг ижтимоий ва ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга тарбияланувчилар учун турли ўқувлар ҳамда замонавий компьютер дастурлаш кўникмаларига ўқитиш курслари ташкил қилинган.

Навоий шаҳар Зарафшон кўчаси 8-а уйда жойлашган ушбу  “Меҳрибонлик уйи”га ажратилган бино мослаштирилган бўлиб, унинг умумий ҳолати яхши. Лекин, тиббиёт хоналари, ошхона, ювиниш хоналари “Меҳрибонлик” ва мактаб интернат уйларини қуриш ва сақлаш санитария қоидалари талабларига мос келмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тарбия муассасасини тамомлаган уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳолатига алоҳида эътибор қаратди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2020 йилда муассасани 12 нафар бола битирга бўлиб, уларнинг 7 нафари Навоий шаҳар ҳокимлиги уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармасига қарашли 2-сон ётоқхонасига жойлаштирилган. Қолган 5 нафари эса ОТМ ётоқхоналарида яшамоқда. Аслида эса ушбу битирувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларга асосан бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлган ҳамдаа белгиланган санитария ва техник меъёрларга мос уй-жойлар билан таъминланиши керак. 2016-2017 йилларда 2 нафардан битирувчиларига икки хонали уй берилган. 2020 йилги битирувчилар эса фақат ётоқхоналардан хоналар ажратилган.

Шунингдек, муассасада 6 нафар 18 ёшдан ошган тарбияланувчилар мавжуд. Қонун ҳужжатларига кўра, тарбияланувчилар мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни тамомлагунга қадар муассасада бўлишлари ундан сўнг эса алоҳида уй-жой билан таъминланишлари керак эди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил муассасааги шароитларни кўздан кечириб, бу ерда тарбияланаётган болалар билан суҳбатлашди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова:

Ҳар сафар институционал муассасага келганимда, болаларнинг кўзларида қалб ноласи, оғриқ ва умидсизликни кўраман. Тўғри, давлат меҳрибонлик уйларида уларнинг фаровон яшашлари учун барча шароитларни яратмоқда. Aммо ҳеч бир тарбиячи ҳеч қачон меҳрибон ота-оналарнинг муҳаббати ва меҳри ўрнини боса олмайди.

Навбатдаги мониторинг объекти - Томди тумани болалар шаҳарчаси бўлди. Қонун ҳужжатларига кўра, болалар шаҳарчасида тарбия жараёни оилавий типга кўра ташкил этилади. Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун берилган болалар тарбиячи бошчилигида гуруҳларга бўлинади, гуруҳлар оилалар деб аталади. Ҳар қайси оилада турли ёшдаги 6 нафардан 8 нафаргача болалар тарбияланади. Тарбиячи тарбияланувчининг таълим муассасасини ва ўқитиш шаклини танлашда болаларнинг хоҳишларини ҳисобга олиши ва болаларнинг умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт. Тарбиялаш усуллари болаларнинг қадр-қимматини таҳқирловчи менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик муносабатларидан холи бўлиши керак.

2019 йилда қуриб битказилган ушбу шаҳарчада 10 та коттедж бўлиб уларнинг ҳар бирида 7-8 нафар болалар оилага яқинлаштирилган шароитларда яшашмоқда. Ушбу болалар шаҳарчаси ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларнинг яшашга ва оилада тарбиялашга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек, ижтимоий мослашиш ва жамиятга интеграциялаш учун уларнинг маънавий-ахлоқий, меҳнат тарбияси ва таълим олишини ҳар томонлама таъминлаш мақсадларига мос ҳолда ташкил этилган.

Болалар шаҳарчасида 2021 йилнинг март ойи ҳолатига кўра, 64 нафар  тарбияланувчи мавжуд бўлиб, уларнинг 5 нафари чин етимдир.

Замонавий ва шинам шароитлар яратилган ушбу муассасада ёпиқ спорт зали мавжуд эмас. Шунингдек, 4070 та китоблар фондига эга кутубхонада Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарорига асосан тасдиқланган “Болалар шаҳарчаcи тўғрисида”ги низомга кўра кутубхоначи штати ажратилмаган.

Ушбу болалар шаҳарчасида ҳам белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда 18 ёшдан ошган 10 нафар бола яшаб келмоқда. Ушбу муассасада ҳам масъул давлат идора ва ташкилотлар томонидан битирувчиларни уй-жой билан таъминлаш бўйича керакли чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Ачинарлиси, ушбу муассасани битирган яна 34 нафар бола ҳозирда турар-жойга муҳтож.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова:

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини турар жой билан таъминламаслик, ўз навбатида бу тоифа шахслар доимий яшаш жойи бўйича рўйҳатдан ўтиши, иш жой билан таъминланиши ва тиббий ёрдам олишида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Вазиятнинг мураккаб эканлигини инобатга олиб, болалар учун жавобгар бўлган масъул ташкилотлар, муаммоларни тезликда ҳал этиб, бу ҳақда маълумот беришлари мақсадга мувофиқ.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мониторинг ўтказилган юқорида қайд этилган муассасалардаги ходимлар, беморлар ва тарбияланувчилар билан якка тартибдаги ва жамоавий учрашувлар ташкил этилди. Жамоваий учрашувларда 100 дан ортиқ, якка тартибдаги учрашувларда 20 га яқин фуқаролар билан мулоқот қилинди. Таклиф ва мурожаатлари ўрганилди.

Ўрганилган бошқа объектлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

Янгиликлар категориялари